Uz Ru En
Asosiy / Yangiliklar / Ўзбекистон ёшлари ум..
Asosiy saxifaga qaytish

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи

30.05.2019 11:05

Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси делегацияси томонидан Афғонистон Ислом Республикасининг Хайратон ва Мозори Шариф шаҳарларига хизмат сафари амалга оширилди.
Ташрифнинг биринчи куни, 21 май санасида Афғонистоннинг Балх вилояти, Нахри-Шахи туманида жойлашган Захириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мактабига ташриф буюрилди ва сафар давомида мазкур мактабда таълим олаётган ёшлар ҳамда мактаб раҳбарияти билан давра суҳбатлари уюштирилди.
Шунингдек, Захириддин Мухаммад Бобур номидаги, 2014 йилда Ўзбекистон томонидан Афғонистон ёшларига совға сифатида қуриб берилган, хозирги кунда 500 дан ортиқ ўзбек диаспораси фарзандлари таълим олаётган мактабга Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан 176 дона ўзбек адабиёти намуналари ва ўқувчиларга дарслик китоблари ҳамда 600 дан ортиқ тарқатма материаллари совға сифатида ҳадя этилди. 
Учрашув давомида Балх вилояти ҳокими ўринбосари томонидан Балх ва Сурхондарё вилоятларининг ёшлар ташкилотлари билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, маданий ва маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, томонлар ёшлар ташкилотларини илмий кенгашлар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан уюштириладиган тадбирларда қатнашишларини йўлга қўйиш таклифи берилди.
Бундан ташқари, буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳайкали пойига Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими ўринбосари, Афғонистон ёшлар ҳаракати раҳбари ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг раиси гул қўйишди ва Мозори Шариф шаҳрида жойлашган «Мовий масжид» Ҳазрат Али мақбарасини зиёрат қилишди. 
Ташриф мобайнидаги асосий тадбирлардан бири Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори Шариф шаҳрида жойлашган Афғонистоннинг биринчи вице-президенти қароргоҳида Афғонистон раҳбарияти ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси бошчилигида этник ўзбеклар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бўлиб ўтган мулоқот чоғида ёшларга ва ватандошларимизга оид мухим аҳамиятга эга масалалар кўтарилди. 
Ҳусусан, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, жумладан, ўзбек тилини Skype орқали онлайн тарзда ўргатиш, “Термиз давлат университети”да ўзбек адабиёти кафедрасини очиш ва магистратура бўлимида таълим олишга шароит яратиб бериш, Ўзбек-афғон маданий маркази очилиши, ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда Афғонистон ва Ўзбекистон ёшлари ўртасида туризмни ривожлантириш, ҳусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий ва қадимий шаҳарларига саёхатлар уюштириш ҳақида сўз юритилди.
Ташриф давомида, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси ва раҳбари Афғонистон ёшлар ҳаракати Канишка Туркестани ҳамда ҳаракат аъзолари билан учрашиб муҳим масалалар ва муамолар ҳусусида фикр алмашишди. Хусусан, Афғонистонда истиқомат қилаётган ёш ўзбек диаспораси вакиллари Сурхандарё вилояти, Термиз шаҳрида жойлашган ЁИга қарашли болалар оромгоҳига юбориш, ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва самарали ўтказиш, интерактив ўзбек тили курсларини ташкил этиш ҳамда ёшларни дунёқарашини кенгайтириш борасида фикр ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.

Do'stlar bilan ulashish:

Sharh qoldirish uchun iltimos shaxsiy profilingizga kiring